Янгиликлар

“Ўзбекистонда санъат турлари ва уларнинг ривожланиши”

0

Мавзу: “Ўзбекистонда санъат турлари ва уларнинг ривожланиши”.

 

Режа:

 

  1. Ўзбек халқ амалий санъати тарихи.
  2. Халқ амалий санъати турлари.

 

Амалий санъатнинг тарихий келиб чиқиши инсониятнинг болалик даврига бориб тақалади. Башарият улғайиб борган сари амалий санъат хам юксала борди, Яшаш учун кураш мавжуд экан, яхши яшаш учун эхтиёж кучайиб бориш жараёнида қўл мехнатидан ақлий мехнат ажралиб чиқа бошлади. Ов қуроллари, уй-рўзгор буюмларига бўлган эхтиёж кучайиб борди. Аввало тош ўймакорлиги, суяк ўймакорлиги, кейинчалик эса Ёғоч ўймакорлиги хам секин асталик билан ўз ривожини топди.

Ўзбек халқининг кўп асрлик тарихида халқ амалий безак санъати турлари бой ва ранг-баранг маданий меросимизнинг энг ажойиб ва оммавий қисмини ташил этади. Ўзбек диёрида вужудга келиб гуллаб яшнаган санъат турлари бемисил ва бетакрорлиги билан дунёга машхур. Бундай тараққиёт босқичлари хақида фикр юритадиган бўлсак, ўзбек амалий безак санъати турларининг шох илдизлари инсониятнинг болалиги, яъни ибтидоий жамиятга бориб тақалишининг гувохи бўламиз. Ўлкамиз заминидаги қатламларини қазишлар натижасида топилган ёдгорликларнинг гувохлик беришича, инсоннинг жисмга бадиий ишлов бериш усулида буюм яратиш фаолияти тош асридаёқ бошланган ва асрлар оша хозиргача давом этиб келмоқда. Амалий санъатга бу қадар чуқур фалсафий ёндошиш натижасида шартлилик, стилизация — рамзийликка асосланган бадиий безак асарлари яратиш кучайган. Ушбу тарихий омил ўзбек миллий безак санъатининг гуркираб ривожланишига туртки бўлганки, хозирда жахонга машхур меъморчилик ёдгорликларимиз улардаги ганчкорлик, кошинкорлик, наққошлик, ҳаттотлик, тоштарошлик ва бошка турдаги санъатларнинг ажойиб даражада уйғунлигидан ва мужассамлигидан иборатдир. Халқ амалий безак санъати кишиларнинг маънавий оламини бойитади, бадиий дидини шакллантиради, рухиятини тарбиялайди. Шунинг учун ҳам ўзбек халқ амалий санъати кишиларни бадиий ахлоқий, умуминсоний тарбиялаб, уларнинг илмий дунёкарашларини шакллантиришда, ҳамда маданий даражасини оширишда энг зарур манбалардан бири хисобланади.

Якин ўтмишда ўзбек амалий безак санъатининг энг ривожланган наққошлик, ганчкорлик, тош ва суяк уймакорлиги, кандакорлик, пичоқчилик, бўйрачилик, заргарлик, каштачилик, зардўзик, гиламдўзлик, кигизчилик, саватчилик каби турларининг ўзига хос бажариш технологиялари, хақиқий миллий номлари, уларга хос атамалар, бу санъатларга хос мактаблар, услублар ҳамда шу соҳаларда ном қозонган усталарнинг хизматлари бутун жахонга донғи кетган.

Ўрта Ocиё наққошлик санъати қадимдан дунёга машхур. Ўтмишда ота-боболаримиз кўрган мухташам бинолар хозирги кунгача мафтункор жилвасини йўқотмаган. Юксак дид билан ишланган нақшлар хозиргача бизни хайратга солиб келмокда.

 Нақш арабча тасвир, гул деган маънони билдиради. Қуш, хайвон, ўсимлик, геометрик ва бошқа шаклларни маълум тартибда такрорланишидан ҳосил қилинган безакдир.

 Ислом талабларига буйсуниш оқибатида жониворлар, паррандалар ва одамларни тасвирлаш йуқолиб бориб наққошлик ривож топди. Араб ёзуви узлаштирилди. Натижада нақшлар билан унвонли ёзув (эпиграфика) услуби пайдо бўлди. Араб ёзуви нақшлар билан бирга чизилди. Араб ёзуви ҳам безак, ҳам дуо афсунлар вазифасини бажарди.

Наққошлик халқ-амалий безак санъатнинг бир тури сифатида қадимдан ўзбек маданиятининг муҳим бўлаги ҳисобланади. Кўп асрлар мобайнида унинг бадиий анъаналари вужудга келди. Нақшларда санъатнинг бошқа ҳамма турларидан фарқли равишда авлодларнинг чамбарчас боғлиқлигини, анъаналарнинг давомийлигини кўриш мумкин. Наққошлик анъаналари санъатнинг ана шу турини ўрганиш методлари сифатида ҳам бободан отага, отадан ўғилга ўтиб келган. Ана шу давомийлик туфайли нақш санъати хозиргача сақланиб келмокда. Нақшнинг энг яхши намуналари бой ижодий фантазия орқали бирлаштирилган шаклларнинг мақсадга мувофиқлиги ва гўзаллиги билан фарқланади. Бунда халқ усталарининг атроф муҳитга карашларидаги тафовут акс этади. Нақшдаги чизгилар уйини мусиқадаги оханг сингари, қушиқ ва эртак каби “халқ хаётий тажрибасининг катта умумлашмасидан” иборат бўлади.

 Бадиий наққошлик рангларнинг уйғунлигида ва ўзига хос композицияларда гўзаллик яратиш санъатидир. Наққош уста ўз ишида рангнинг табиий жилосидан, бежирим шаклдан, материал фактурасидан моҳирлик билан фойдаланиб ёрқин ифодаликка эришади.

Ўзбекистоннинг анъанавий меъморчилигида наққошлик асосан шифтларни, сарой устунларини, масжидлар, мактаблар, бойларнинг уйлари, ёгочдан ясалган буюмларни безашда қўлланган. Нозик ўсимликсимон-геометрик нақшдаги узаро сингиб кетган новдалар, шохлар ва хашаматли тасвирланган гулларнинг ритмик харакати, ўзбек усталарининг ишларидаги ислими ва гирих нақшларининг классик мотивлари шифтларнинг шаклига мосланган. Нақш купрок интерьерларни ва ёпик айвон, пешайвонларни безашга хизмат қилади. Хозирги пайтда нақшдан меъморчиликда, уй жихозлари, совғалар, майда ёғоч ўйинчоқлар, мусиқа асбоблари ва турмушда керакли буюмларни безашда фойдаланилади. Бадиий наққошлик санъати хозирги кунда кенг тус олмоқда.

Хозирги вақтда мактабларда ва мактабдан ташкари муассасаларда тўгараклар тармоғини иложи борича кенгайтириш вазифаси қўйилмоқда. Халқ наққошлик санъатини ўрганиш инсонларда бадиий дидни, мехнатсеварликни ривожлантиришга ва катор фойдали билим ҳамда малакаларни таркиб топтиришга хизмат қилади. Уларнинг ижодий қобилиятларини аниқлаш ва устиришга ёрдам беради. Халқ амалий санъатининг кайси бир тури бўлмасин унинг заминида нақш элементларидан тузилган композиция ётади. Нақш композициясининг безак элементлари эса табиатда учровчи гул, новда, барг, парранда ва хайвонот дунёсини тасвирлашда хосил қилинади. Хар бир воха ва шахарларнинг нақш композициялари бир-биридан узаро ажралиб туради. Хоразм, Тошкент, Фарғона наққошлик мактабларининг ўз орнамент ва ранг коллоритлари мавжуд. Мустақил нақш тузиш жараёнида стилизация орқали нақш элементларини ўзаро бириктирадилар. Нақш бўлакларининг вазифалари ва равон чизилишига эътибор берилади. Гул, барг, новда, бофта ва қўш бандликдан нақш элементлари тузилади. Усталарнинг фантазиялари, мавжуд нақш элементларини маълум қонун-қоидаларга амал қилган холда жойлаштиришда улар маълум билим ва малакага эга бўлишлари лозимлигини тақозо этади. Биргина “Бодом”, “Қалампир” нусхалари шаклидан наққошлик, заргарлик, кулолчилик, каштачилик, зардўзик каби халқ амалий санъатида турли-туман ўзига хос нақш намуналарини яратиш мумкин. Композиция тузиш йуллари ва уларнинг хомаки намуналарини тайёрлаш наққошлик, ганчкорлик, ёгоч уймакорлик ва бошка амалий санъат турлари учун умумийдек куринсада, аслида кулланиладиган хом ашёси, ижро пардоз турлари билан фаркланади. Композиция сўзи лотинча бўлиб “жойлаштириш, кўриш, тузиш” деган маънони англатади. Бунда танланган нақш композициясига кура унинг элементлари когоз юзасида бир-бирига боглик холда жойлашиб, яхлит композицияни хосил қилади.

Нақшлар мазмунига кўра ўсимликсимон, геометрик нақшларга, гулли гирих, рамзий ва бошка турларга бўлинади. Ўсимликсимон нақш табиатдаги барг, банд, дарахт, бута гунча ва бошка нарсаларни наққош томонидан стиллаштириб олинган шаклини маълум конуниятлар асосида такрорланишидан хосил қилинган. Геометрик нақш турларидан бири гирих бўлиб, чигал, тугун маъносини англатади. Хандасий нақш — мураккаб нақш тури. У геометрик нақш турларидан бири бўлиб, туртбурчак, учбурчак, айлана ва ёйлардан ҳамда купбурчаклардан иборат бўлади. Геометрик нақш узлуксиз раппортлардан ташқил топган бўлиб, хар бир раппорт уз тўзилишига эга бўлади. Наққошлик атамалари Рута — икки томонга уланувчи нақш тақсими, яъни хошия нақш. Унинг ўлчами кўпинча 14-20 см атрофида бўлади. Хошия нақш турли хил бўлиб, унинг мехробга, хонага ишланишига караб лула хошия, ишком ва бошка турлари бўлади. Мунаббат — арабча устирмок деган маънони англатади. Асоси квадрат ёки туртбурчакдан ташқил топиб, турт томонга такрорланадиган нақш таксими. Катта юзаларни безашда мунаббатдан фойдаланилади. Мунаббатнинг усимликсимон, геометрик ва бошка композицион турлари бор. Унинг мунаббати мехроб, мунаббати бофта, мунаббати ислими, мунаббати гирих ва бошка атамалари мавжуд.

Турунж — арабча “лимон” деган маънони билдиради. Русча медальон. Нақшларда композициянинг марказига чизиладиган нақш тури. Турунж хеч кандай нақшга уланмай муаллак турадиган композиция бўлиб, унинг шакли асрлар давомида ривожланиб, бойитилган.

Намоён — форсча куриниш, манзара демакдир. Намоён хеч нимага уланмайдиган мустақил композиция бўлиб, мураккаб нақш турига киради. Унинг усимликсимон, геометрик, гулли гирих, рамзий ва бошка турлари мавжуд. Намоёнлар симметрик ва ассимметрик тўзилишга эга бўлади.

Шунингдек юқоридаги фикрларимиз давоми сифатида кандакорлик санъатида ҳам нақш муҳим бир ажралмас бўғим сифатида катта рол ўйнайди. Кандакорлик санъати тарихига назар соладиган бўлсак;

Ўзбек халқ амалий безак санъатининг энг кенг тарқалган турларидан бири кандакорликдир. Кандакорлик деганда металлдан ясалган бадиий буюмларга ўйиб ёки бўртик қилиб нақш ишлаш тушунилади. Ўзбекистон худудида металлдан ясалган бадиий буюмлар ишлаб чиқариш қадимдан ривожланиб келаётган санъат бўлиб, бу санъат ўзининг қадимийлиги  билан кулолчиликдан кейин иккинчи ўринда туради. Савдо сотиқда қадимдан кандакорлик буюмларига талаб катта бўлган. Маҳаллий санъат асарлари қўшни мамлакатлар санъатининг энг яхши ютуқлари билан бойиб борган.   Маҳаллий усталар олтин, кумуш, жез, мис ва бошқа металлардан ҳар хил буюмлар ясаганлар.  Қадимги ва илк ўрта аср кандакорлиги асосан ҳалланган кумуш кумуш буюмларда ўз ифодасини топган.

 ХI асрдан бошлаб кандакорлик махсулотларини мис ҳамда мис қотишмаларидан тайёрлай бошладилар. Археологик топилмалардан эрамиздан аввалги III аср охири ҳамда II аср бошларида биринчи (махсус мис қотишмаси) тўғнағичлар Миср, Ўрта ер денгизи, Месопатамия, Ҳиндистон, Ўрта Осиёда кенг тарқалганлиги аниқланган. Бу бадиий металл буюмлари ишлашнинг илк намуналари эди. Тўғнағичларда кичик-кичик воқеалар, ҳайвон ва бошқа нарсалар тасвирланган. Фарғонада топилган маросим қозони 1 минг йилликнинг ўрталарида кандакорликда “ҳайвонот услуби” ривож топганлигини исботлади.

  III-VIII асрларда  Ўрта Осиёда кандакорлик жуда юқори даражада ривож топган. Қимматбаҳо металлардан ҳокимлар ҳамда аъёнлар учун ҳар хил  ниҳоятда чиройли безак буюмлари ишлатиш одат бўлган.Қимматбаҳо металлрдан ҳокимлар ҳамда аъёнлар учун ҳар-хил чиройли безак буюмлари ишлатилган. Бу олтин ёки кумуш буюмларда тўй-томоша, тахтга ўтириш маросимлари, дунёвий мавзулар, шикор ва кураш манзаралари, мифологик ҳамда эпик қаҳрамонлар, ҳаётий мавжудот, парранда ва бошқа тасвирларни кўриш мумкин эди.

     Археологларнинг топилмалари шуни кўрсатадики, араб истилоси давригача суғд аҳолиси рўзғорларида бадиий металл буюмлар кенг тарқалганлиги исботланди. Ҳайвон шакли ифода этилган мис нақшлар, яъни ёввойи ҳайвонлар калласи ва бошқалар топилган.

VIII-ХIII асрларда қимматбаҳо металлардан қилинган идишлар Ўрта-Осиёнинг кўпгина бурчакларида урф бўлиб қолган эди. Олтиндан жуда кўп нарсалар ишланар, биноларнинг безакларига олтин суви югуртирилар эди. Кейинчалик эса хом ашё сифатида биргина қимматбаҳо металларнинг ўзи кифоя қилмай ҳийла арзон материаллар мис ва унинг турли қотишмалари ишлатилди. Қизил мисдан ҳар хил кўзалар, декча(қозон)лар, идиш-товоқлар, жездан ва сариқ  мисдан шамдонлар, поймонлар, оқ мис ҳамда бринжидан кўзалар, кир тоғоралар, катта-кичик пиёла ва шу каби  рўзғор буюмлари ясалар эди.

 ХI асрнинг ўрталарида Ўрта Осиё халқ амалий санъатида катта бурилиш бўлди. Кандакорлик тез суръатлар билан ривожланди, мис ва унинг қотишмаларидан янги-янги буюмлар пайдо бўлди,қорни шарсимон ҳамда бўйнига нақш солинган кўзалар,ярим доира кетмонлар, сиёҳдонлар, ҳавонча ва бошқалар жуда кўп ишлатилар эди.Бу буюмларнинг юзаларига бўртма кандакорлик усулида нақш ишлаш камайиб бориб, ўрнига ўйиб нақш ишлаш (гравюра) урф бўлиб қолди.

IХ-ХII асрларда кандакорлик санъатида ҳам катта янгиликлар бўлди.Идишларни безашда ёзувли нақшлар кенг миқёсда қўлланилган. Қадаҳ ва омад, тан-сиҳатлик, бахт-саодат, фаровонлик деган нақшли ёзувлар «куфий» ва «насх» усулида битилган. Бу ёзувли безаклар шундай ривожланиб кетиб жуда майда, жуда нафис бўлиб, ҳаттоки уларни ўқиш қийинлашган.

ХIII-ХIV асрларда кандакорлар безакларга кумуш ва олтин ипларни қадаб зеб бериб,нақшларни жудаям нафис бўлишига ҳаракат қилишган. Самарқанд шахрининг  Регистон майдони яқинидан топилган хазиналар, яъни олтмишдан зиёд турли туман идишлар, пиёлалар, кўзалар, қопқоқлар, таглиулар, қозончалар кандакорликнинг ХIV-ХV аср бадиий анъаналари тўғрисида маълумот беради.

ХIV асрга металга бадиий ишлов беришда жиддий силжиш бўлди. Темур ўз даврида халқ ҳунарманчилиги ривожланишига катта эътибор берган. Темур ва темурийлар авлоди ҳукмронлик қилган даврда ҳунарманчилик буюмлари ишлаб чиқариш юксак даражада ривожланган. Ба даврда халқ амалий санъатининг барча турларида бадиий услубнинг ўзгариши билан характерлидир. Металл буюмларни безаш янада такоминлашди. Буюмлар нақшлари янада бадиийлашган, нозиклашди, майда ислимий нақшлар, ёзувли нақшлар янада кўп ишлатилган. Масалан, Эрмитаж музейидаги шамдонлар, ҳалқа, етти хил металлдан қуйилган қозонлар мисол бўла олади. «Шамдонлар» садаф суяк қадаб ишланган эшиклар учун қилинган нафис шабака ҳалқалар ўсимликсимон гуллари заминида ясалган. Бу ёзувларда шамдонларнинг ишланган вақти (1397 йил) ва уста Иза-ад Дин Дин Исфахоний номи битилган. Қозон ўсимликсимон нақш ва юксак бадиий ҳуснихат ёзуви билан нақшланган. Бу афсонавий қозон дунёда ягона бўлиб, уни табризлик рихтагар Абдул-азиз ибн Шарофиддин ясаган.

 Республикамиздаги археологик қазилмалардан топилган металл буюмларда чет эллик усталар номини учратиш мумкин. Бунга сабаб Темур юришлари вақтида чет эллардаги устоларни кўчириб Самарқандга олиб келтирган.

Испан элчиси Клавихонинг эсдаликларида Амир қабулида ва зиёфатида бўлган вақтида кўрган ажойиб идишларни юксак даражада бажарилганлиги ҳақида айтиб ўтган. Ўша даврларда Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида юқори сифатли ва бежирим металл буюмлар ишлаб чиқилган.

 Бухоро ва Хивадан Рассия амалдорларига совға сифатида олиб борилган буюмлар, шунингдек Ўрта Осиё савдогарлари келтирган ҳунарманчилик буюмлари ичида олтин суви юритилган гурзи, ўқ, ўткир тиғли қиличлар ва қилич қинлари ва бошқа буюмлар ўша даврдаги усталарнинг махоратини кўрсатган.

 ХVIII-ХХ асрларда кандакорлик яхши ривожланган бўлиб, Бухоро, Қўқон, Хива, Самарқакд, Шахрисабз, Қарши ҳамда Тошкент шаҳарлари кандакорлик буюмлари чиқариладиган марказлар бўлган. Зодагонлар хонадонлари  нақш  туширилган  идишлар  билан  безатилган.  Бу  буюмлар хонадон соҳибининг давлатмандлигини намоиш қилиб турган.  ХIХ аср ўрталарига келиб (вопурушлар) олиб-сотарлар пайдо бўлган. Вопурушлар ҳунармадлардан буюмларни арзон баҳода сотиб олтб, савдогарларга ёки бозорга олиб бориб оширилган нархда сотишган. Улар халқ амалий санъати усталари тайёрлаган гилам, офтоба, қутича, қилич, ҳар хил идиш ва бошқа ҳунарманчилик буюмларни халққа етказиб беришда “Савдо воситачилари” вазифасини бажарган.

Бухоронинг XIX  аср  иккинчи  ярими — XX аср бошларидаги кандакорлиги  айниқса  қизиқарли.  Бухоро  устоларининг  яратган буюмлари шаклининг  рисоладагидек  нафислиги,  иисбатларининг мумтоз  тарздаги мувозанати, одатда, чуқур ўйиш техникаси  ёрдамида бажарилган безак ижроларининг барқарорлиги билан ажра­либ туради. Бухоро кандакорлиги бошқа мактабларга қараганда кам ўзгарган ва кўпгина қадимий шакл ҳамда анъанавий безакларни сақлаб қолган.

Буюмлар тури нечоғли  хилма-хил  бўлмасин,  Бухоро кандакорлиги ўзининг оддийлиги ва шаклларининг қатъийлиги билан ажралиб тура­ди. XX аср бошларига  келгандагина  Бухоро устолари ҳўл мева вазалари, чойнак ва шу каби четдан келтирилган  фабрика  усулида ишланган буюмларга тақлидан кумушдан янги шаклдаги буюмлар ишлаб чиқара бошладилар.  Бухоро кандакорлигида нисбатан эркин фон, одатда, штрих соясида қолиб кетарди.  Бухоро буюмларидаги нақшлар Қўқонникидан анча йирик ва Тошкентникидан нафисрокдир. Бухоро безагига текис, анчагина кенг, устолар  «кундал»  деб юритадиган контур  полосалар  алоҳида  таъсирчанлик касб этади. Усимлик безаги нафис ва равшандир.  Бухоро  кандакорлари каллиграфик ёзувлардан маромида фойдаланиб, у билан буюмларнинг айрим қисмлари — кўза танаси бўйни бандлари, патнисларнинг кенг туб қисмини ва ҳоказоларни безатишган.

Бухоро  минтақавий   кандакорликнинг  йирик   маркази  эди  ва бу ерга Марказий Осиёнинг бошқа минтақаларидан ўз малакаларини ошириш учун усталар келишган. XIX аср Бухоро  кандакорлиги моҳир санъаткорларининг номлари  тарих саҳифаларидан  ўрин  олган: Салоҳиддин,  Мирза,  Шароф, Хаким Бухорий, Рустам Муҳаммад Ризо. XX аср бошларида  Бухорода  тадқиқотчиларнинг маълумотига  қараганда, 600 га якин мискарлар бўлиб, шулардан 50 нафаригина юксак  бадиий ижод қилганлар. Мир Шариф, Муқаддам  Маъзум,  Муҳаммад  Хасан,  Оллоҳёр  Йўлдошев  ва  бошқалар  шулар жумласидандир.

     Ўрта Осийнинг Рассияга қўшилиши фабрика молларининг келиши ҳамда уларни шу ерда ишлаб чиқарилиши маҳалий хунармандлар ишига таъсир этди. Шунинг учун ҳам ҳунармандлар хизматига бўлган эҳтиёж пасайиб, ҳунарманчилик махсулотларини ишлаб чиқариш камайиб борди.

      Ўзбекистон Республикаси мустаққилликка эришганидан кейин кўпгина сохаларга бўлгани каби халқ ҳунарманчилигини қайта тиклаш ва ривожлантириш соҳасида ҳам кўпгина ижобий ишлар амалга оширилди.

    Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари, ва мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмаси ва унинг вилоят бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг 1997 йил 31-мартдаги “Халқ амалий санъати ҳунармандчилигини ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ 1741-сонли фармонига асосан ташкил этилган.  Ушбу қарорга биноан уюшма аъзолари даромад солиғидан озод этилганлар. 2013 йил 26-декабрдаги ПФ-4589 асосан ҳунармандларга берилган имтиёзлар 2017 йил 1-январга қадар узайтирилди.

2010-2011 йилларда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида “Ҳунарманд” бўлимлари ташкил этилди. Уюшма ижодий ташкилот бўлиб, унинг асосий  вазифалари ва мақсади унут бўлган халк ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш, мулкчилик шаклидан қаътий назар, халқ амалий санъати анъаналари асосида фаолият юритаётган халқ усталари, ҳунармандлар, амалий санъат мутахассислари, ижодкор ёшлар фаолиятларини мувофиқлаштириш, улар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва эркин рақобат муҳитини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларни амалга ошириш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш, иқтидорли болалар ва ёшларни моддий ва маънавий рағбатларнтириш, ижтимоий ҳимоялаш, ҳайрия ва ҳомийлик фаолиятларини амалга ошириш.  Халқ амалий санъати анъаналарини сақлаган ҳолда, юқори савиядаги халқ   амалий санъати буюмлари намуналарини яратиш ва қайта тиклашни ўргатиш, уларни  тарбиялаш учун, белгиланган тартибда ” Усто-Шогирд” мактабларини ташкил этиш, ҳунармандларга кичик механизация, асбоб-ускуналар, хом-ашё билан таъминлаш, хунармандлар ишларини хорижга реклама килиш, ким ошди савдоларини ташкил этиш, республика ва хориж ОАВ орқали турли рекламацион кўрсатув – эшиттиришлар ташкил этиш, уста ҳунармандлар фаолиятини ёритувчи буклетлар чоп килиш, ҳунармандлар ҳак –ҳукукларини билишлари ҳамда қонунлардаги янгиликлар ҳакида семинарлар ўтказиш, усталарни давлат мукофотларига тавсия этиш устахоналарни таъмирлаш ва қуришга кўмаклашишдан иборат.

      Бугунки кунда “Ҳунарманд” бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимларида 1068 нафар атрофида  ҳунармандлар рўйхатдан ўтган, шуларнинг 535 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади.

 Бухоро шаҳрида “Ҳунарманд” бошқармаси ва унинг бўлимлари вилоятдаги миллий ҳунармандчилик йўналишлари мавжуд бўлган 8 та касб-ҳунар коллежларида бўлиб, 2013-2014 ўқув йилларининг 372 нафар битирувчиларига миллий ҳунармандчиликка Давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор, ҳунармандларга берилаётган имтиёзлар, аъзо бўлиш тартиблари ва бошқа масалаларда тушунтириш ишларини амалга ошириб келмоқдалар.

Бугунги кунда кандакор уста ҳунармандларимиз қадимий  кандакорлик техналогияси ва орнаментларини тиклаб, жудаям нафис ва чиройли кандакорлик махсулотлари тайёрламоқдалар. Улар юксак маҳорат билан ясаган ҳунарманчилик буюмлари кўпгина халқаро кўргазмаларда нуфузли ўринларни эгаллаб, Ўзбек  ҳунарманчилигини  дунёга машҳур этиб келишмоқда.

Бундан ташқари кандакорлик билан узвий боғлиқ бўлган амалий санъатнинг яна бир тури бу “Мисгарлик”дир.

Ўзбекистонда мисгарлик қадим замонлардан буён давом этиб келаётган санъатдир. Мисгарлик деганда мисдан қуроллар, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа жиҳозлар ясаш касбини тушунамиз. Мисгарлик ҳунармандчиликнинг қадимий ва кенг тарқалган туридир. Мисгарликда ишлатиладиган асосий материал – мис. Мис нима? Мис нима учун ишлатилади, деган савол туғилади.
Мис – қадимдан инсонга маълум бўлган металл. Мис ва унинг қотишмалари инсоннинг моддий маданиятини ўстиришда катта аҳамиятга эга. Қадимда юнонлар мис рудасини биринчи бўлиб Кипр оролларидан қазиб олганликлари учун унинг номи лотинча киргит деб аталади. У табиатда таркибида темир, кумуш ҳаттоки олтин бўлган руда ҳолида учрайди. Мис ҳаётий физиологик жараёнда қатнашадиган муҳим элемент, У юмшоқ, чўзилувчан, болғаланувчан қизил ёки қизғиш металл. Мис иссиқлик ва электр токини жуда яхши ўтказиб кумушдан кейин иккинчи ўринда туради. У ҳавода тез оксидланиб қораяди. Нам ҳавода мисгидроксикарбонат ҳосил қилгани учун кўкаради. Мис мис рудаларини қайта ишлашдан олинади. Ундан лаган, офтоба, жом, самовар ва бошқалар, шунингдек сунъий ипак олинади. Қадимда мисгарлар соф мисни совуқлайин ишлатганлар, шунинг учун ҳам мис буюмлар юмшоқ ҳамда мўрт бўлган. Кейинчалик мис ва қалай қотишмасидан ҳосил қилинган бронзани ишлатганлар. Бронзадан ишланган буюмлар бирмунча бўлади. Қурама тоғларининг жануби-ғарбий қисмидан Қизилқум ҳамда Нурота тоғларидан топилган топилмалар миснинг Ўрта Осиё территориясида қадимдан ривожланганлигини исботлади. Бухоро қадимдан нақшинкор мис идишлар ишлаш маркази бўлиб келган. Страбон ҳамда Геродот асарларида Ўрта Осиёда мисгарлик машғулоти ҳақидаги маълумотлар ёзилган.
XI-XII асрда Термиз мисгарлари бутун дунёга машҳур бўлган. XII-XIII асрларда Ўрта Осиёда мис буюмлари ясашга жуда катта эътибор берилган. XVIII-XIX асрларда Бухоро, Самарқанд ҳамда Қўқон, Хива каби шаҳарларда аъло даражали бронза ва мисдан идишлар ясаш кенг тарқалган эди. Мисгарлик санъатининг ўзига хос мактаблари бўлиб, улар Қўқон, Тошкент, Самарқанд, Хива ва бошқа шаҳарларда бўлган. Мис идишлар икки йўл билан биринчиси мисни эритиб қуйиб, иккинчиси болғалаб ясалган. Болғалаб ясашда сандондан фойдаланилган. Буюмни ясашда металл тез-тез қиздириб турилади. Агар мураккаб идишлар ясаладиган бўлса, мис бир қанча бўлаклари қуйилиб кейин қалайланган. Қолипдан чиқарилган мис идиш яхшилаб тозаланади. Идиш битгандан сўнг нақш ўювчи кандакорга берилади.

Мис буюмларининг турлари:

 Металлдан ишланган идишларнинг умумий шакли маълум пропорция ҳамда силуэтга эга. Сув солинадиган ҳамда чой дамлаб ичиладиган идишларнинг шакли хилма-хил бўлади. Бу идишлар шарсимон юмалоқ, агар япалоқсимон бўлса сатранжи, қаноти нафари, шакли қовурғали, пилтали, қиррали, рахли бўлган. Шундай идишлар борки, уларнинг қорни бир хил бўлиб, дастаси ва тумшуғи билан фарқ қилган. Мис лаганлар кўпинча доирасимон баъзи бирларигина овалсимон ёки тўртбурчак бўлади. Буларни Бухороли ҳамда Самарқандликлар чоркунж деб юритадилар. Мис лаганларининг лавхўри, дулава ва қошиғлик турлари бор.

Лавхўри — овалсимон ёки тўртбурчак мис лаганларнинг лаблари ён томонга қайрилган бўлади. Бу лаганлар ўсимликсимрн, геометрик ва рамзий нақшлар билан жуда нафис қилиб безатилган.

Дулава — тухумсимон ёки тўртбурчакшаклдаги мис лаганларнинг ён томонга айрилиб яна давом этиб пастга қайрилгани. Бу лаганлар ҳам жуда чиройли қилиб ишланган.

Қошиғлик — қошиқи, тухумсимон ёки тўртбурчак мис лаганларнинг ён томонга қайрилиб яна давом этиб пастга қайрилган, лаблари кунгурали бўлади.
Юз-қўл ювишда дастшўй ва офтобалар ишлатилади. Сув келтириш учун сатил, сув олиш учун сархум, нон иситиш учун нондон ва бошқа рўзғор буюмлар шаклининг ўзига хослиги ҳар бир воҳаларда ўзига хос тузилишга эга.

Сархум — катта хумлардан сув олишда ишлатиладиган мис идиш шакли кружкага ўхшаш, лекин унинг ҳажми катта банди эса жуда чиройли бўлади. Сархумни қуйиб ёки ясама усулда ясалади ва безалади. Ўзбекистон кандакорлиги идишлари Ҳиндистон, Шарқий Туркистон, Эрон, Кавказ ҳамда Туркия халқларига яқин ва ўхшашдир, чунки Ўрта Осиё халқлари қўшни халқлар билан қўшничилик алоқаларида бўлган. Ўрта Осиё территориясида ўрдак кўринишидаги офтоб,алар ҳам қўлланилган.

Ўрдак офтоба — қопқоғи ўрдаксимон, кафти, дастаси, жўмрак ўрнига ўрдак тумшуғининг шакли ўрнатилган идиш. Ўрдак офтоба Қўқон шаҳрида инқилобгача кенг тарқалган бўлиб унда чой дамлаб ичилса ҳам бўлади. Олимларнинг айтишича, Шарқ мамлакатларидан келтирилган бўлиши ҳам мумкин. Бу идишлар Ўрта Осиёда фақат кулолчиликда тайёрлангандир. Жумҳуриятда тарқалган баъзи бир шакллар Кавказ ҳамда Эрон халқларининг идишлари ўртасида учрайди. Офтобалар панжарасимон «шабака» қилиб ҳам ишланган.

Шабака – мис идишларга майда қилиб тешиб ишланган панжара. Тошкентда «Сумбарно» деб юритилади. Шабака бу мисгарликда техникавий услуб ҳисобланади.

Хоразмда сув учун қумғон деган идиш ишлатилади, лекин бу идиш ҳеч бир вилоятда қўлланилмайди. Оригиналлиги шундаки ушлайдиган дастаси йўқ. Бошқа вилоятларда офтоба деб юритилади. Кейинги вақтларда фабрика ва заводларда х,ар хил металл ва чинни идишларнинг кўплаб ишлаб чиқарилиши мисгарлик ҳунармандчилигининг ривожига салбий таъсир қилди. Лекин шунга  қарамай, кўплаб мис идишлар ясаляпти.

Сув келтириш, сув сақлаш ва чой дамлаш учун мис чойнак, мис кўза, чойдиш (чойжўш), кашкил ўзбек халқи орасида энг кўп тарқалган мис идишлардан биридир. Чойдишда сув ташилади ёки чой қайнатилади. Унинг бўйи 25—30 см, қорни эса баландлигига яқин катталикда бўлади. Улар ҳар хил кўринишга эга бўлиб тагида чамбараги бўпади. Унинг дастаси қуйилиб идишнинг ўртасига икки мих билан парчинлаб маҳкамланади. Чойдишнинг қопқоғи кўпинча “шабака» яъни панжарали ўйма қилиб ишланиб дастасига ўрнатилади. Дасталари ёй шаклида қайрилган бўлиб, пастки учи туморча «мадохил» шаклида тугайди. Баъзи ҳолларда илон бошига ўхшатиб қуйилиб, илоннинг оғзи очиқ ёки ёпиқ қолда тасвирланади. Қадимги мисгарларнинг айтишича, илон бошининг тасвири идишни жинлардан сақлайди. Кўпинча идишлар дастасига идишни ишлаган устанинг номи, айрим ҳолларда буюртма берганнинг номи бадиий қилиб ёзиб қўйилган. Чойдишларнинг юмалоқ, япалоқ қоринли «сат-ранж» ва ингичка бўғизли «исфахон»лари бўлган.
Кўза – ариқ ёки қудуқ сувларини ташишда ишлатиладиган каттароқ идиш. Кўза икки хил: қорни юмалоқ бўғзи юқорига кичрайиб кетувчи ҳамда конуссимон қоринли бўлади. Сув олиб келиш учун мис челак «кашкил» ҳам ишлатилган. Унинг пастки қисми эса текис бўлади. XX аср бошларида Европада челакка ўхшаш кашкиллар х,ам ишлаб чиқилган. Хивада сув идишлари тун деб аталиб, у юмалоқ шаклда бўлади, баъзида қопқоғи ва дастаси ҳам бўлади.
Қўл ювиш учун офтоба, обдаста, қумғон, дастшўй, селобча, чилопчин, туфдон (туфлагич)ва бошқалар ишлатилган. Бухородаофтоба дейилса, Самарқанд, Тошкент ҳамда Фарғонада обдаста деб юритилади.

Дастшўй – қўл ювиш учун ишлатиладиган мис идиш, у юмалоқ кўринишга эга бўлади. Дастшўйнинг усти панжара қопқоқли бўлиб, қопқоқ идишга бурама ҳолатда мақкамланган. Сувни тўкиш ёки тозалашда ундан ажратиб олиш мумкин. Дастшўй ажойиб нақшлар билан безатилади.
Ичимлик ва овқатларни махсус мис лаганларга қўйиб устидан қопқоқ билан ёпишган. Мис лаган, мис товоқ, лаъли баркаш, озиқ-овқатларни ёпиб қўйиш учун саври, кашкил, сатил ва бошқалар ишлатилган. Самарқанд ва бухороликлар оддий челакни сатил деб юритадилар. Мис лаганлар энг кўп тарқалган идишлардан бўлиб, улар юмалоқ тухум (лаъли) шаклида тўртбурчак (лаъли чоркунж) шаклларда бўлади. Лаганлар оёқли ҳам бўлиши мумкин. Бухорода биринчи бўлиб мис лаганларга меъморлик ёдгорликларига хос қилиб безашни уста мулла Муқаддам Мукаррамов бошлаб берган.

У қуёш, юлдуз, ярим ой ва бошқа нақш элементларини жуда кўп ишлатган. Айниқса диний маросимларда, чилкалит, исириқдон, дарвешларни идиши, кашкил ишлатилган. Ўша вақтларда ўлка бўйлаб сон-саноқсиз дарвешлар бўлиб, улар челакка ўхшаш кашкилни қўлда кўтариб садақа сўраб юрганлар. Катта кашкиллар ҳам бўлиб, улардан мозор ва мақбараларда тупроқ ташилган. Дарвешларнинг кашкили жуда чиройли нақшлар билан безатилиб орасига қуръондан оятлар ёзилар эди.

Ов дўмбираси — довул, пул сақланадиган ғаладон, шамдон, мирқроз, безаклар сақланадиган қутича (сандиқча), қалам солинадиган мисчилим, қирғич, қошиқчалар, манқал шу кабилар мисдан ясалган.

Хон ва беклар овга чиққанларида ов бошланганидан дарак бериш ва парранда, ҳайвонларни чўчитиш ҳамда ҳайдаш учун дўмбираларни чалишган. Бу дўмбиралар довуллар деб юритилган. Улар ҳам ажойиб қилиб безатиларди. Шам пайдо бўлгандан сўнг шамдон, шам учини тозалайдиган қайчи микрозларни ҳам кандакорлар ажойиб қилиб безаганлар.

Ўсмажўшак — ўсма эзиш ва қош бўяш учун ҳамда турли бўёқлар тайёрлашда ишлатиладиган мис идишча. Бу идишчани учта оёғи ҳамда дастаси бўлади. Ўсмажўшакни кандакор ислимий нақшлар билан безаган. Ўсмажўшак узум барги шаклида ҳам бўлади.

Сурмадон — оғзи кичкина, устки қисмида эса бурма тешикчаси бўлиб, бу тешикча темир найча ўтказилган пўкак билан маҳкамланган бўлади. Шу найча билан Ўрта Осиё, Шарқ хотин-қизлари қош ҳамда киприкларини бўяр эдилар. Бу сурмадонлар нақшлар билан безатилган бўлади. Айрим ҳолларда балиқ шаклидаги сурмадонлар ҳам бўлган.

Манцалдон — печка ўрнида ишлатиладиган идиш. У оёқчалардан, деворчалардан иборат бўлиб, йиғилганда қиррали катта тўгарак ташкил қилади. Рихтагарлар манқалдонларни ҳар хил формада ясайдилар. Манқалдонлар юмалоқ, тўрт қиррали, олти қиррали, ўн икки қиррали ҳам бўлади. Ясалган манқалдоннинг қанча қирраси кўп бўлса, шунча у оғир бўлади. Уни кўтариб юриш учун икки томонида қулоғи бўлади. Баъзида чойнак қўйиш учун чуқурча ҳам ўйиб қўйилади. Манқалдонни айрим ҳолларда сандал остига қўйиб иситиб ўтиришган. Қишда унинг ичига арча кўмир ёқиб, хонадонларда, расталарда ҳунармандлар фойдаланадиган печка ўрнида ишлатиладиган идишдир.

Мева шарбатлари ҳамда ҳар хил ичимликлар учун: мис коса, шарбат коса, мис қозонлари, нон иситиладиган — нондон, турли хил кружка ҳамда чўмичлар, сархум, капкир ва бошқалар ҳам ишлатилган.
Идишларнинг баъзи бирларини ишлатишга эҳтиёж бўлмасада, лекин кўпчилиги кундалик ҳаётимизда ишлатилиб келинмоқда.

                                         Мис идишларни ясашнинг техник усули:

Мис буюмлари уч хил мутахассиснинг қўлидан ўтади. Сариқ, қизил мис идишларнинг ички ва ташқи сирларини қалайлаш ишларини мисгар айрим деталларини масалан, дастаси, қопқоғи, қуббасининг учи (сонуласини), тумшуғи ва бошқа қисмларини рихтагар, чиройли нафис нақшлар билан безаш ишларини кандакор бажарган. Ҳаётда ишланадиган буюмлар „икки йўл билан, яъни қолипи ва кандакори ҳамда симкори каби мураккаб усулда нақшланади.

Қолипи — идишларга қолип асосида нақш яратилади. Пўлатдан ёки бринжидан ясалган қолип (ўйиб ёки қуйиб ишланади) устига мис парчасини ёки юпқа қўрғошин пластинкасини қўйиб аста болға билан урилади. Натижада мис парчаларидан нақшлар пайдо бўлади. Нақшинкор миспарчалари мис буюмларининг хоҳлаган жойига ёпиштирилади.

Кулолчилик санъати ҳам амалий санъатнинг ривожланган турларидан биридир. Ўзбекистон кулолчилик санъатининг энг бой меросини сақлаб қолган маскан ҳисобланади, чунки замонавий анъанавий ва ноанъанавий кулолчилик санъати (ХIХ асрда тарихан шаклланган) вакилларида маҳаллий маданиятнинг тарихий қатламларига қизиқишлари кузатилмоқда.

Ўзбекистонда қадимдан ҳар воҳанинг ҳунармандчилик марказлари вужудга келиб шаклланган. Ишлаб чиқариш услуби бўйича кулолчилик иккита асосий турларга бўлинган – сирланган ва сирланмаган. Сирланмаган кулолчилик қадим тарихга эга. VIII аср охири – IХ аср бошида Мовароуннаҳр шаҳарларида сирланган кулоллик кенг тарқалган. IХ-ХVIII асрларда ушбу услуб бадиий камолликка ва юқори технологик сифатга эга бўлди.

ХХ асрдан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида асосий мактаблар ва марказлар ташкил топди: а) Самарқанд-Бухоро мактаби, Тошкент, Самарқанд, Ургут, Бухоро, Ғиждувон, Шаҳрисабз, Китоб, Каттакўрғон, Денов марказлари билан; б) Фарғона мактаби Риштон ва Ғурумсарой марказлари билан; в) Хоразм мактаби Хонқа, Модир қишлоғи, Каттабоғ, Чимбой марказлари билан. Ҳар бир марказ ўзига хос маҳаллий хусусиятларини сақлаган. Уларда ҳозирги вақтда сопол идишларнинг ясси (косалар, лаганлар), баланд, яъни юқорига қараб йўналтирилган (кўзалар, хумлар) турлари ва уй-рўзғор буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Фарғона ва Хоразм кулолчилигида анъанавий мовий рангдаги ишқорли сир тайёрлаш йўлга қўйилган, аммо улар ўзига хос безак-нақшлари ва буюмларнинг хилма-хиллиги билан ажралиб туради (намояндалари М.Туропов (Ғурумсарой), И.Комилов (Риштон), Р.Матчонов (Хоразм) ва б.

Бухоро-Самарқанд сопол буюмлари жарангдор нафис бўлиб чиқишида қўрғошинли сир ва сарғиш-яшил, жигарранг бўёқлар муҳим ўрин эгаллайди (намоёндалари Алишер ва Абдулла Нарзуллаевлар (Ғиждувон), Намоз ва Нўъмон Облоқуловлар (Ургут), Х.Ҳақбердиев (Самарқанд).

Қашқадарё (Касби) кулолчилигида ҳозирги кунда фақат сирланмаган буюмлар ишлаб чиқарилмоқда.

Бадиий кулолчилик санъати ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда ва тарғиб этилмоқда, унинг янада ривож олиши учун қулай шароитлар яратилмоқда.

Мавзумизнинг бошида таъкидлаб ўтганимиздек ёғоч ўймакорлик санъати ҳам амалий санъатнинг энг қадимий турларидан биридир.

Археологик қазиш ишлари натижасида Сурхон вохасидаги Юмалоқ тепа тубидан топилган ёғоч ўймакорлиги топилмалари мазкур жойларда бир, бир ярим минг йил муқаддам санъатнинг бу турини яхшигина ривож топганлигини олимларимиз ўз изланишларининг махсули сифатида исбот этиб беришди.

Чингизхон босқинчилиги туфайли Х асрга келиб маданий хаёт издан чиқди. Ўрта Осиёдаги Бухоро, Самарқанд, Урганч, Балх ва Мавр каби бир қатор шахарлар Чингизхон бошчилик қилган мўғил босқинчилари томонидан остин-устин қилиб ташланди. Бу вайронгарчиликларга ХIV асрнинг иккинчи ярмида Жахонгир Амир Темур Ўрта Осиё халқларини бирлаштириш оркали чек қўйди ва халқимизнинг маданияти, санъати, шу жумладан, Ёғоч ўймакорлигининг ривожига ўзи қурдирган обидалари, асори-атиқалари билан ўз хиссасини қўшди. Самарқандга йирик-йирик санъаткорлар, шоиру-уламоларни, хунарманду-усталарни тўплаб кўплаб жомъе масжидлари, мадрасалар, хонақолар, саройлар ва бошқа улкан иншоотлар қурдирди. Амир Темур вафотидан сўнг Темурийлар Ўртасида бўлган ўзаро тўқнашувлар туфайли маданият ривожига салбий таъсирини утказди.

ХVI асрда архитектура иншоотларининг кўриниши янада такомиллашди, кўплаб жамоат бинолари, карвонсаройлар, кўприк сардоба, шахарларда хаммом, тим ва бошқа савдо расталари қурила бошланди. Монументал биноларнинг тарихи, қиёфаларига ўзгартиришлар киритилди, хунармандларнинг артеллари вужудга келди. Жомъе масжидлари сарой типида серхашам қилиб қурилди, гузар ва маҳаллалардаги масжидлар қишлик ва ёзлик қилиб қурилиб, катта айвонлар ўйма устунли ва эшиклари хам ўйма безаклар билан безатилди.

ХVII асрга келиб Ўрта Осиёда авж олган ўзаро феодал низо ва урушлар Эроннинг Хивага қилган хужуми ва бошқалар архитектура ва бадиий хунармандчиликка салбий таъсир курсатди. Мусаввир ва хунармандлар Хиндистонга, Бобурийлар саройига кетишга мажбур бўлдилар. XVIII аср охирларига келиб меъморчилик ва амалий безак санъати ривожлана бошлади. Сарой қурилишларида халқ меъморчилиги композиция услубларидан фойдаланиб, ич хобли, ховўз, кўп устунли айвон, синчли иморатлар қурила бошланди.|

Асримизга қадар санъат асарлари турли қирғинбарот туфайли вайроналар остида қолган бўлса, асримизда «Қизил кўланка» остида қолди. Халқимизнинг ўқимишли, билимдон, зиёли фарзандларини турли сабабларни рўкач қилиб катағон қилишди, Хунарманд усталарни эса шахсий бойлик орттиришда айблаб фаолиятлари тўхтатиб қўйилди. Бироқ халқимизнинг фидойи фарзандларидан ижодкор усталар уста Ширин Муродов, Мирхамид Юнусов, Шамсиддин Ғофуров, Юнус Али Мусаев, Усмон Икромов, Қули Жалилов, Сулаймон Хўжаев, Хайдар Нажмиддинов, Тошпўлат Арслонкулов, Мақсуд Қосимов, Махмуд Усмонов, Олимжон Қосимжонов, Ёқубжон Рауфов, Махмуд Облақулов, Абдулла Болтаев, Қодиржон Хайдаров, Ота Полвонов, Абдураззоқ Абдурахмонов ва бошқа бир қаторлари ўз хунар сирларини мактабда ва мактабдан ташқари муассасаларда ёшларга ургатишни йўлга қуйдилар, Кейинчалик эса ўз услуби, йўналишига эга бўлган Хива, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Қўқон каби йирик Ёғоч ўймакорлик мактаблари ривож топди.

Хива Ёғоч ўймакорлигининг ривожида Ота Полвонов ва Сапо Боқбековларнинг ижодий фаолияти алохида ўрин тутади. Бу мактаб ўймакорлиги бошқа мактабларга қараганда ўйма нақшларнинг майдалиги, заминининг камлиги, новдаларнинг зичлиги, бадиий тузилиши жихатидан ўйноқилиги, яъни новдаларнинг спиралсимонлиги билан алохида ахамият касб этади.

Самарқанд  ёғоч ўймакорлиги мактабида эса ўймаларнинг майдалиги, нақш намунасининг мураккаблиги, ўсимликсимон гирих; ва гулли гирих нақшларнинг кўп ишлатилиши билан хамда ўйма юзасининг рангланиши билан ажралиб туради. Ижодкор усталари Абдухофиз Жалилов, Асатилла, Насрулла, Нурали Назруллаевлардир.

Амалий санъатнинг ганчкорлик тури хам диққатга сазовор ва жуда қадимий тарихга эга.

Ганчкорлик Ўзбекистон меъморчилик-безак санъатининг қадимий турларидан бири бўлиб, ХХ асрга келиб Хива, Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Наманган, Қўқон каби шаҳарлари унинг асосий марказларидан ҳисобланади.

Ганчкорлик санъати халқ амалий-безак санъатининг бошқа турларига қараганда, меъморчилик санъати билан узвий боғлиқ. Чунки ганчкорлик азалдан сарой, масжид ва мадраса бинолари ҳамда бадавлат шаҳарликларнинг уй-жойларини безаб турган. Дастлаб, қурилишларда маҳаллий мактабларга хос анъаналар билан боғланиш кучли бўлган.

Бухоро мактаби ганчкорлигининг техник жараёни бирмунча мураккаб, ишловларнинг ноёб услублари ва ранг-баранг оҳанглари билан ажралиб туради. Самарқанд усталарининг ишлаш услублари Бухоро ганчкорлигига яқин бўлиб, мураккаб ганчнинг сталактит услуби орқали деворлар юқори бурчакларини ўйма нақшли панно безатилиши билан ажралади. Тошкент мактабида кенг тарқалган ўсимлик-ислимий композициялар фарғоналик усталарнинг ишларига яқин бўлиб, кўпинча «ўсимлик занжири» туркумидаги нақшларни ташкил этади. Қўқон ва Хива ганчкор усталарининг ишлари мураккаб ораста киёфали хандасавий нақшлари – гирихлар билан бой.

ХХ асрнинг ярмида ганчкорлик анъаналари йўқолиш арафасида бўлган, лекин 1970-чи йилларидан бошлаб Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида давлат аҳамиятига молик объектларни, магазин, кафеларнинг қурилишида ганчкорликдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинди. Шу боис 1990 йилларда Тошкентда юқори даражали ганчкорлик мактаби ривож олиб («Усто» бирлашмаси усталари), уларнинг фаоллигида пойтахтнинг турли бинолар интерьерлари безатилди («Оқ сарой» қароргоҳи, Олий мажлис биноси, «Туркистон» концерт зали, Темурийлар тарихи Давлат музейи, «Наврўз» никоҳ ўйи, пойтахт театрлари, метрополитен станциялари ва б.).

Ҳозирги вақтда ганчкорлик амалий-безак санъатининг етук тури бўлиб, унинг Ўзбекистондаги меъморчилик иншоотлари безашда аҳамияти катта. Ганчкорлик усталарининг ижодий намуналарига бўлган талаб Халқаро миқёсида эканлигини кўрсатмоқда.

Амалий санъатнинг газлама тайёрлаш, каштадўзлик, зардўзик, гиламдўзлик, кигизчилик, саватчилик каби турлари хам жуда қадимий турлардан ҳисобланади.

Амалий санъатнинг юқорида санаб ўтилган турларидан зардўзлик санъатига назар соладиган бўлсак:

Зардўзлик — ҳунармандчиликнинг қадимий турларидан бири зар ип билан нақш (кашта) тикиш касби. У форсча зар (тилла), дўзи (тикмоқ) сўзини англатади. Зардўзлик санъати узоқ тарихга эга. Зардўзликнинг ватани Вавильон бўлиб, у Рим империясига қарашли бўлгач, зар, ипак ва жун ип қўшиб тикилган ранг-баранг каштачилиги билан бутун дунёга машҳур бўлган. Византияда зардўзи кийим-кечакларни фақат император аёллари, аслзодалар кийишган. Византия билан мунтазам маданият ҳамда сиёсий ҳамкорлик қилиши туфайли зардўзлик санъати Эрон подшолиги саройида ҳам ривож топган. Эронда зардўзлик санъатининг ривожланганлигига XV—XVII асрда ишланган зардўзлик намуналари мисол бўла олади. Византиядан Қадимги Русияга ҳам зардўзлик санъати кириб келди. Кичик Осиё доирасида зардўзлик XIII ва XV асрларда ҳам ривожланди. Хуллас Византия қаерга таъсирини ўтказган бўлса ўша ерда зардўзлик ривожланган.

  Ўрта Осиёда зардўзлик жуда қадимдан ривожланиб келаётган халқ амалий санъати турларидан биридир. Археологик топилмалар ва тарихий манбалардан маълумки, Ўрта Осиё халқлари орасида қадимдан I—II асрларда зарбоф кийимлар, бадиий буюмлар кенг тарқалган. 1947 йили Тошкент вилоятининг Вревский қишлоғида ўтказилган археологик топилмада аёл қабридан I — II асрларга тегишли зарбоф кийимлар топилган. Абдураззоқ Самарқандий «Ҳиндистон сафарномаси» асарида 1442 йили Шоҳрух замонида Шимолий Ҳиндистон билан Ҳирот ўртасида турган элчиларнинг совғалари орасида зарбоп кийимлар бўлганлигини айтиб ўтган. 1465 йили «Ашратхона» мақбараси ҳақидаги ҳужжатларда зарбоп кийимлар ҳақида баён этиб ўтган. Ҳиротда яшаб ижод этган Васфий ўзининг рисолаларида зарбоф кийимлар ва зардўзлик касби тўғрисида баён этган. XVII асрда яшаган Самарқандлик шоир Фитратнинг асосий касби зардўзлик бўлган, у матоларга зардан ажойиб кашталар тиккан. XIX-XX аср бошларида зардўзликнинг ўзига хос мактаби яратилган. Ўзбекистонда Бухоро, Самарқанд,  Фарғона ва бошқа жойларда зардўзлик мактаблари очилган. Қимматбаҳо матодан тайёрланадиган зардўзи кийимлар маҳаллий аҳолининг турли табақалари ўртасида кенг тарқалган. Бу кийим-кечаклар    асосан    амир    саройидагилар, шаҳар бойлари учун тикилган. Юзлаб қўли гул усталар ҳаммаси амир саройининг эҳтиёжи учун ишлаган. Бу усталарнинг кўпчилиги ота-бобосидан мерос бўлган касби сарой аҳллари учун камзул, чакмон, чалвор, пойафзал, белбоғ, салла, қулоқ ва жул тикишдир. Бу кийимлар хон ёки унинг яқинлари томонидан оилавий тантана ёки байрам муносабати билан буюртма берилган. Ҳеч ким, ҳатто энг катта амалдорлардан бирортаси ҳам юқорида айтиб ўтилган кийимлардан ҳеч бирини ўзига буюртиришга ҳақи йўқ эди, улар зарбоп кийимларни амир совға қилгандагина кийишлари мумкин эди. Аёллар ва болаларнинг зардўзи кийимлари фақат бадавлат хонадонларнинг анъаналаридагина кийилган, кийимларни улар  турли оилавий тантана ёки байрам муносабати билан кийишган. Бой хонадонларнинг 8-10 ёшдан катта бўлмаган ўғил болаларига суннат тўйи муносабати билан зарбоп тўн кийдиришган». XIX-XX аср бошларида Бухорода ҳукмронлик қилган манғитларнинг охирги сулоласига тааллуқли зарбоп кийимлар ягона ёдгорликлари нусхаси ҳисобланади. Бу борада 1800-1826 йилларда Ҳайдархон подшо замонасида ишланган зардўзи махси (1810 йилда ишланган), 1827-1860 йилларда Амир Насруллохондан жуда кўп зарбоп кийимлар ҳамда. 1895 йилдан 1911 йилгача ҳукмронлик қилган Абдулаҳадхонга мансуб жуда кўп зардўзлик кийимлар кўп сақланиб, ўша даврларда зардўзлик санъати гуллаб яшнаганини ифодалайди.

   1915 йили Олимхон даврида Бухорода Қушбеги Мирзо Урганжийнинг уйида подшоқлик устахонаси ташкил этилган. Бу устахона қушбеги ихтиёрида бўлган. Унда ишнинг кўп-камлигидан қатъи назар 20 тадан 40 тагача усталар ишлаган. Устахонага устакор бошчилик қилган. Устакор тажрибали, малакали тарҳкашлардан (яъни нақш чизувчи уста) қушбеги томонидан сайланган. Булардан бири гул тикиш санъатида қоравулбеги, Салим устакорлик лавозимида ишлаган. Кейинчалик Шоиддин ва Абдушукур тархкаш бўлган. Улар зардўзларга иш берган, буюртмаларни ўз вақтида бажарилиши ҳамда ишни сифатли чиқишини назорат қилган. Устакор барқут, шойи, ип ва бошқа хом-ашёларни тарқатиб турган. Фақат устакор калобатунни, яъни қимматбаҳо зар ипни қушбеги идораси ичида тайинланган махсус мирзо калобатунчидан олган. Калобатун алоҳида жойда сақланган. Гул кесувчи усталар мазкур устахоналарда асосий кишилардан ҳисобланар эди.

Пулакча — зардўзликда ишлатиладиган кичкина тангача. Майда ок, сариқ, қизил ва бошқа рангларда бўлади, буюмга қадаш учун ўртасидан тешикча қилинган металл пистонча.

Олмос қуббалар — зардўзликда ишлатиладиган турли нав олтиндан зардўзларнинг ўзлари ясаган заргарлик тақинчоқларига ўхшаб кетувчи бўртма нақшлар ҳамда қимматбаҳо тошлар.

Зарҳал пўғалар — маҳаллий заргарлар ишлаган, одатда қора сир ва феруза билан безатилган, нафис гул нақши тушурилган бўлади.

3ардўзликда 30 хил классик тикиш усуллари мавжуд. Бу усуллар ўзига хос томонларининг номлари билан бир-биридан фарқ қилади. Н. Аминов ўзининг «Биз зардўзлармиз» рисоласида зардўзлик сирлари, зар тикиш хиллари ва усуллари тўғрисида батафсил тўхтаб ўтган. Зардўзлик умуман иккига бўлинади, биринчиси — заминдўзи, иккинчиси — гулдўзи.

Заминдўзи — бунда зар тикилаётган кийим ёки кийим гулнақшининг замини ёппасига зар билан тикилади. Заминдўзи сидди устига тикилиб, сидди жайдари ипакдан тайёрланади. Биринчи навбатда ип 4 ёки 5 қават қилиб, кейин эса икки қават қилиб эшилади. Шу ҳосил бўлган ингичка ипни зардўзликда сидди деб юритилади. Зардўзликда тикилиш, жойининг юзаси катта ёки кичиклигига қараб, ўлчамга мослаб дастгоҳда сиддилар сариқ бўз устига саккиз, йигирма, йигирма тўрт қатор қилиб тортилади. Сиддилар аниқ ҳисоб билан тикилиб улар санаб тикилади ҳамда уларнинг сони мўлжалдагидан ортиқ бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, мавж ёки нусхалар бузилади. Заминдўзида мавжи як рўя ва мавжи дурўя қисмлари бор. Заминдўзи қадимда қимматбаҳо тўнларда ишлатилган бўлиб ҳозир зардўзи дўппиларнинг жиягидагина қўлланиб келинади.

Гулдўзи — бунда тикилаётган нақшнинг таги окиқ қолиб фақат гул нақшларининг ўзи зар билан тикилади.  Гулдўзи  тикиш  усули  ўзига хос бўлиб, бу қуйидаги босқичда бажарилади. Наққош томонидан нақш чизилади. Нақш нусхаси қалин қоғоз, картон ёки теридан қирқиб андозаси тайёрланади. Сидирға бахмал матога қадаб чиқилади, яъни омонат тикиб чиқилади ёки елимланади. Картон нусхани зар ип билан қоплаб тикиб чиқилади. Бироз бўртма нақш гул ҳосил бўлади. Зардўзликда зар тикиш хиллари ҳамда усуллари жуда кўп. Аммо уларнинг айримлари деярли қўлланилмаяпти. Бу тикиш хиллари кам қўллансада лекин унинг ишлатиш соҳасини топса бўлади. Бу усулларнинг йўқ бўлиб, унутилиб кетаётгани кишини ачинтиради. Қадимдан қўлланилиб келинган тикиш усулларидан ёш авлод фойдаланса, халқ яратган анъанавий, нодир услубларни асраб қолган бўлар эдик.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтамизки!; Ўзбекистонда амалий санъат турлари жуда хилма-хил ва ранго-ранг бўлиб, бутун дунё халқларини лол қолдиришга қодир саналади. Қадимдан машҳур амалий санъатимиз Мамлакатимиз довруғини дунёга таратади! Юртимизга ташриф буюрган хар бир сайёх борки эсдалик учун санъатимиз намуналаридан албатта ўз юртига олиб кетиб, санъатимизни дунё бўйлаб кезишига хисса қўшади.

 

Хамидова Зилола –  Бухоро музейининг илмий ходими

Декабрь 2018
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Ноя    
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31